Бугун Самарқандда ТДТ саммити олдидан қатор тадбирлар ўтказилмоқда. «Demokrat.uz» мухбирига кўра, ОАВ вакиллари иштирокидаги брифинг Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев имзоланиши кутилаётган муҳим ҳужжатлар ҳақида маълум қилди.
Хусусан, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида Битим” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирилиги томонидан ишлаб чиқилган Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик дастури”ни имзолашга келишиб олинган.
Бундан ташқари, стратегик ҳамкорликни давом эттириш мақсадида темир йўллар, портлар маъмуриятлари раҳбарлари ва ишчи гуруҳларнинг учрашувлари ташкил этилди. Йиғилиш давомида “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ ҳамда Қозоғистоннинг Актау ва Курик портлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Туркиянинг транспорт ва инфратузилма вазирлиги рухсатнома бланкаларини электрон (E-permit) айирбошлаш тизими лойиҳасининг тўлақонли фаолиятига старт берилди.
Мазкур ҳужжатлар ва учрашувлар туркий давлатлар ҳудудидан ўтувчи транспорт йўлакларини тизимлаштириш, уларнинг ҳудудида транспорт ҳаракатини кўпайтиришга кўмаклашиш, транспорт йўлакларининг жозибадорлигини ошириш, мамлакатлар транспорт инфратузилмасининг илғор ривожланишини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Амалдаги халқаро транспорт йўлакларининг самарадорлигини ошириб, янгиларини шакллантиради. ТДТ мамлакатларига янги бозорларга чиқишни таъминлаб, йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш географиясини кенгайтириш, шунингдек, қўшимча транзит ҳажмларини жалб қилиш имконини яратади.
Шунингдек, бугунги учрашувда «Турк инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим» ва «Савдони осонлаштириш бўйича стратегик ҳужжат», ТДТга аъзо давлатлар ўртасида «Хизматлар ва инвестициялар бўйича эркин савдо шартномаси», ташкилот доирасида «Рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим»лар тайёрлаш ҳам кўриб чиқилган. Бундан ташқари, бир қатор йўналишларда концепцилар, ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумларини тасдиқлаш бўйича фикр алмашилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!