Кеча, 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Венгрия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари, ТДТ Бош котиби ҳамда ТДТ тузилмалари – ТУРКСОЙ, ТуркПА, Халқаро туркий академия, Халқаро туркий маданият ва мероси фонди раҳбарлари иштирок этдилар.
Вазирлар дўстона ва конструктив руҳда Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Туркия томонининг ўтган йилда Ташкилотдаги раислиги самарали ва муваффақиятли бўлгани қайд этилди.
Иштирокчилар 2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонликка биргаликда» мавзусида бўлиб ўтадиган ТДТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши кун тартиби ва кўриб чиқиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиб, келишиб олдилар.
Вазирлар ўз нутқида очиқлилик, тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига, шунингдек, ТДТ доирасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришнинг мутлақ тарафдори эканликларини таъкидладилар. Улар ТДТ маконида хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидан бири Афғонистондаги вазиятни тез фурсатларда тартибга солиш ҳақидаги позицияни яна бир бор тасдиқладилар.
Вазирлар ТДТ Бош котиби ва ташкилотга қарашли халқаро тузилмалар раҳбарларининг ўтган йилдаги маълумотларини тингладилар.
Тадбир доирасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Йиғилишда ТДТнинг жорий фаолиятининг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ТДТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2023 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!