Jahon, Yangiliklar

Лукашенко Беларусда нархларни оширишни тақиқлаб қўйди

Лукашенко Беларусда нархларни оширишни тақиқлаб қўйди
Фото: «En-news»

Александр Лукашенко 6 октябрдан Беларусда нархларни оширишга тақиқ жорий этишни буюрди. Бу ҳақда «Meduza» хабар берди.

Лукашенко ўз қарорини Беларусда нархлар ўта баланд бўлиб кетгани билан изоҳлади. «Улар нархларни шифтга уришди. Энди ошира олмайсиз. Ҳожати йўқ. Лекин истиснолар ҳам бор. Ва бу истиснолар [монополияга қарши тартибга солиш ва савдо] вазири ва губернаторлар назорати остида», — деди у.

«6 октябрдан бошлаб ҳар қандай нархларни ошириш тақиқланади. Тақиқланган! Бугундан бошлаб. Эртадан эмас, бугундан. Шундай қилиб, нархлар бир кечада кўтарилмайди. Шунинг учун бугундан бошлаб нархларни ошириш тақиқланади», — деди Лукашенко ҳукуматнинг иқтисодий блоки билан учрашувда.

Шунингдек, Лукашенко шу фонда ҳеч бир компания бозорни тарк этмаслигини айтди. «Агарда бирор дўкон, офис ва ресторанлар ёпилса ёки бозордан кетса, бунинг учун жавоб беради», — деди Лукашенко ҳукумат вакилларига.

Учрашувда Лукашенко 2022 йилнинг дастлабки саккиз ойида Беларусда инфляция 13 фоиздан ошганини, ҳукумат йил охиригача инфляция 19 фоизни ташкил этишини кутаётганини айтди. «Қолган вақт ичида нархларни янада оширмоқчимисиз?» — деб сўради Лукашенко расмийлардан. У ҳукумат ва Миллий банк олдига 2023 йилгача инфляция даражасини 7-8 фоизга тушириш вазифасини қўйди.