Якшанба куни Истанбул марказида, пиёдалар учун мўлжалланган Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди.
Охирги маълумотларга кўра, камида олти киши қурбон бўлган, 53 киши жароҳатланган.
Истанбул Бош прокуратураси портлашни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолади.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон «жирканч ҳужум»га нисабатан ўз муносабатини билдирди. Унинг сўзларига кўра, дастлабки тергов маълумотлари портлашда аёл киши иштирок этганига ишора қилмоқда. Мамлакат раҳбари бу ишга даҳлдор бўлган ҳар бир шахс жазоланишини таъкидлади.
Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари хавфсизлик чораларини кўрган ҳамда пиёдалар ва махсус машиналар ҳаракатланиши учун кўчани тўсиб қўйган. Бундан ташқари, Таксим масжиди ёпилган, хавфсизлик мақсадида ҳудудни вертолёт орқали назоратга олган.
Ушбу қонли ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 16:20да Беёғлу туманидаги Итиклол кўчасида рўй берган.
Воқеа жойига ўнлаб тез ёрдам ва полиция ходимлари жўнатилди. Ҳудуд хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган.
Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими бошлиғи Фаҳреттин Альтун, ўз навбатида, Туркиянинг барча ваколатли тузилмалари Истиқлол кўчасидаги портлаш билан боғлиқ ҳодиса бўйича чуқур текширув ўтказаётганини таъкидлади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!