Жорий йилнинг 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Хоразмда келин қайнонасини уриб қийнади» номли сарлавҳа остида видеолавҳа тарқалган эди. Яъни, бир аёл ёши каттароқ бошқа бир аёлни бош қисмига қўли билан ургани, жабрланувчи аёл эса бу вазиятда қаршилик кўрсатмагани акс этган. Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати бу борада расмий баёнот эълон қилди.
Унга кўра, видеолавҳа юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан дастлабки ўрганишлар олиб борилган ва дастлабки маълумотлар тақдим этилди.
Яъни, видеолавҳада акс этган ноҳуш холат Урганч тумани «Шерматлар» маҳалласида содир бўлган. Аниқланишича, ушбу хонадонда яшовчи, М.Ж. ўзаро келишмовчилик сабабли қайнонаси Ё.Ш. билан низолашиб келган. Келин қайнонасининг бетоб бўлиб ётганидан фойдаланиб, қўли билан бош қисмига урган. Ушбу холатни жабрланувчининг турмуш ўртоғи қўл телефони орқали видеотасвирга олиб, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Урганч тумани ИИБ га тақдим этган.
Ўз навбатида, Урганч тумани ИИБ томонидан 4 ноябрь куни фуқаро Ё.Ш. га нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. М.Ж. нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фуқаро Ё.Ш. га нисбатан келгусида келини томонидан зўрлик ва тазйиқ ўтказилишининг олдини олиш мақсадида «Ҳимоя ордери» расмийлаштирилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!