Фарғона вилояти прокуратураси томонидан 14 ёшли вояга етмаган шахс ички ишлар муассасасида вафот этганлиги ҳолати юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар қилди.
Маълум бўлишича, жиноят иши доирасида 2 нафар собиқ ички ишлар идораси ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларига совуққонлик билан қараб, ўз мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлган. Мажбуриятларини бажармагани оқибатида марказда сақланаётган вояга етмаган Р.Абдусатторов (марҳум) икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар томонидан кун давомида мунтазам равишда уриб-дўппосланган. Болакайга оғир даражадаги тан жароҳатлари етказилиб, унинг ўлимига сабабчи бўлганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан собиқ ИИБ марказ тарбиячиси ҳамда навбатчилик сменаси инспектор-навбатчиси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан гумон қилинувчи сифатида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддаси тартибида ушланган.
Хабарга қўшимча равишда икки нафар собиқ ИИБ ходимларига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилгани таъкидланган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!