«Замин» фонди ва ЮНИСЕФ томонидан Бутунжаҳон болалар кунига бағишлаб гибрид форматда «Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш» мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Форумда «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева нутқ сўзлади.
— Ўзбекистоннинг Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилганини чин дилдан олқишлаймиз. Бу муҳим қадам, мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгиси. Соғлом сайёра, тоза ҳаво, хавфсиз муҳит. Айнан шулар болаларнинг воқелигига айланиши шарт, – деди Зироат Мирзиёева.
Васийлик кенгаши раиси, шунчаки қараб турилмаслиги, ҳар бир шахснинг ҳиссаси, табиат учун қилган ҳар бир ҳаракати барқарор атроф-муҳитга эришиш йўлида муҳим ўрин тутишини ҳам таъкидлади. Бунинг учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва аниқ амаллар талаб этилишини ҳам қўшимча қилди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида ушбу декларацияга қўшилган биринчи давлат бўлди.
Тадбирда БМТ агентликлари раҳбарлари, давлат тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий жамоат фондлари, Ўзбекистондаги дипломатик корпус ва миллий муассасалар вакиллари иштирок этди.
Форум қонунчилик асосларини такомиллаштириш орқали экологик муаммо ва таҳдидларнинг олдини олиш бўйича глобал ва миллий миқёсда амалга оширилаётган ҳаракатлар юзасидан амалий фикр алмашиш учун самарали майдон бўлди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!