Мирзо Улуғбек ва Зангиота туманларида кир ювиш кукунларини қўлбола усулда тайёрлаб сотиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, Департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаролар П.У. ва А.Ў. “ARIEL”, “PERSIL” ва “TIDE” номли таниқли савдо белгиларидан фойдаланган ҳолда ҳар бири 3 кг бўлган қўлбола усулда қадоқланган кир ювиш кукунлари савдоси билан шуғулланган. 3 149 дона контрафакт маҳсулотларни фуқаро У.П.га 5 300 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ДСИ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, яна бир ҳолат аниқланган. Яъни, фуқаролар М.Х. ва Д.Х. “A.K.” МЧЖга тегишли нотурар бинонинг бир қисмини ўзаро келишув асосида ижарага олиб, яширин цех ташкил қилган. У ерда “PERSIL” “ARIEL” “MIF” “TIDE” каби савдо белгиларидан фойдаланган ҳолда контрафакт кир ювиш кукунларини савдоси билан шуғулланиб келганликлари фош бўлган. Ушбу цехдан 13 050 кг туз, 2 653 кг қўлбола усулда тайёрланган кир ювиш кукуни, 2 157 дона идиш ва бошқа товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», деб ёзилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!