O‘zbekiston, Yangiliklar

Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланиш оқибатида бир оила пароканда бўлди

Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланиш оқибатида бир оила пароканда бўлди

17 феврал куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшовчи оилада овқатдан оммавий равишда заҳарланиш ҳолати содир бўлган Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот котиби маълум қилган.

Қайд этилишича, воқеа жойида оиланинг 3 нафар аъзоси: 1961 йилда туғилган аёл А.З., 1978-йилда туғилган эркак X.M. ва 1982-йилда туғилган аёл С.Р. вафот этган. Шунингдек, ушбу хонадонда яшовчи 18 ёшли Р.М., 20 ёшли Д.М., 11 ёшли Т.М. ва 2 ёшли H.A. “номаълум этиологик заҳарланиш” ташхиси билан тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, 18 ёшли Р.М. касалхона жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасида фуқаролар марҳумларнинг ўлими бўйича суд тиббий ташхиси “ис газидан ўткир заҳарланиш, мурда доғларининг оч пушти рангдалиги, ички аъзолар пушти рангга кириши, қоннинг суюқ ҳолати, ички аъзоларнинг тўлақонлиги, мия ва ўпка шиши, номаълум этиологияли овқатдан заҳарланиш” эканлиги қайд этилган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъминланади.