Jinoyat, O‘zbekiston

Нашида эшитиб 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов озодликка чиқарилди

Нашида эшитиб 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов озодликка чиқарилди

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2023 йил 30 январдаги ҳукми билан С. Раҳмонқулов (2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети 4-курс талабаси, муқаддам судланмаган) Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бугун Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланувчи С. Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 2 мартдаги ажримига мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, С. Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилган ҳолда шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида С. Раҳмонқуловнинг 7 ой 9 кун қамоқда сақланганлиги инобатга олиниб, асосий жазодан чегириб ташланди.

Албатта, судьялар мустақил, улар фақатгина қонунга бўйсунадилар. Шу маънода жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси эмас, балки амалдаги қонунчилигимизда назарда тутилган адолат ва шахсни ахлоқан қайта тарбиялаш сингари тамойилларга асосланган ҳолда суд шундай тўхтамга келганини таъкидлаш жоиз.

Суд жиноят ишини атрофлича ўрганар экан, С. Рахмонқуловнинг ўз қилмишига иқрор ва пушаймонлиги, унга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги кафолат хатларини инобатга олган ҳолда ҳамда инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосланиб қарор чиқарди.

Мазкур ажримдан норози тарафлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти (протест) келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади.