Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Бутунхитой халқ вакиллари йиғинининг 14 чақириқ биринчи сессиясида олий лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг қутловида сўнгги йилларда Хитой Си Цзиньпин раҳбарлигида барча соҳа ва тармоқларда мисли кўрилмаган натижаларга эришгани, илмий-технологик, инновацион ва ижтимоий ривожланишда улкан ютуқларни қўлга киритгани алоҳида таъкидланган.
Икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мутлақо янги – ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтаришга ХХР Раисининг қўшган улкан шахсий ҳиссаси қайд этилган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги бундан кейин ҳам халқларимиз манфаатлари йўлида жадал ривожланиб боришига ишонч билдирилган.
Ўзбекистон Президенти Си Цзинпинга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик-осойишталик, бардавом равнақ ва фаровонлик тилади.
Аввалроқ, Си Цзинпин ХХР раислигига учинчи беш йилликка сайлангани ҳақида хабар берган эдик.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!