Yangiliklar

Қашқадарёдаги мактабда директор ва бир неча ходимлар спиртли ичимлик ичиб ўтирганига муносабат билдирилди

Қашқадарёдаги мактабда директор ва бир неча ходимлар спиртли ичимлик ичиб ўтирганига муносабат билдирилди

Қашқадарё вилоятидаги мактаблардан бирида директор ва бир неча ходимлар спиртли ичимлик ичиб ўтиргани акс этган видеолар тарқалди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси мазкур видеога муносабат билдирди.

Хабарга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур хабар Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати, вилоят халқ таълими бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.  Ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан мактаб директори Л.Т., маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари А.Н., собиқ кадрлар менежери А.Қ., мактаб қоровули Ж.Х. лар билан тегишли тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Ўрганиш жараёнида директор Л.Т. ва собиқ кадрлар менежери А.Қ. дан олинган маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқдаги видеодаги ҳолат 2022 йил август ойининг бошларида бўлган.  Ўша пайтда мактабда таътил даврида ўқув биносини янги ўқув йилига тайёрлаш мақсадида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш жараёнида тушлик вақтида мактаб ҳудудига яқин жойда умумий овқатланиш шаҳобчаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли мактаб қоровулхонасида тушлик қилинган.Тушликда спиртли ичимлик истемол қилинган.

Ушбу жараён мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари А.Н. томонидан ўз уяли алоқа телефонига видеотасвирга олингани маълум бўлди. Уларнинг берган кўрсатмаларига кўра, А.Н. нинг ўзи ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилгани қайд этилган. Бироқ А.Н. ўз кўрсатмасида спиртли ичимлик ичганини рад этди. Улардан бу ҳақида тушунтириш хатлари олинган. А.Н. ўз кўрсатмасида спиртли ичимлик ичмаганлигини, қоровулхонада мактаб директори Л.Т., кадрлар менежери А.Қ. ва мактаб қоровули Ж.Х. лар спиртли ичимлик истеъмол қилишаётганини кўрганлигини ва видеотасвирга олиб телеграм каналларида тарқатиб юборганини билдирди.

Қайд этилишича, мактабда Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 24 майдаги «Ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигини баҳолаш мезонларини  тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи ижроси бўйича ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан тадбирлар ташкил этилмаган. Юқори ташкилотлар режаси, муҳим ташаббуслар ва таълим муассасаси умумий режасига мувофиқ ишлаб чиқилмаган ва турли байрамлар муносабати билан ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар умуман ўтказилмаган, синф соатида очиқ дарслар ташкил қилинмаган.

Юқорида аниқланган хато ва камчиликларга йўл қўйгани, муассасанинг ички тартиб қоидалари ҳамда меҳнат шартномасини қўпол равишда бузгани учун мактаб директори Л.Т. дан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида аризаси ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида келишув шартномаси олинди ва тегишли тартибда расмийлаштириш учун бошқарма кадрлар бўлимига тақдим этилди.

Шунингдек, мактаб директорининг ўринбосарлари А.А. ва А.Н. лардан ўрганиш жараёнида аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан тушунтириш хатлари олинди ва уларга нисбатан «Ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўллаш учун буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилиб, туман адлия бўлимига тақдим этилди.

Таъкидланишича, Чироқчи туманидаги умумтаълим мактаблари маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари (122-нафар) билан раҳбарият томонидан Халқ таълими тизими ходимларининг ўз иш жойида ёки иш вақтида бошқа жойларда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида маст ҳолатда бўлиши ҳолатларини аниқлаш ва тегишли тартибда процессуал тартибда расмийлаштириш белгиланганлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, мактабларда таълим сифати ва маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштиришга профилактик йиғилиш ўтказилди.