Yangiliklar

Тошкентда Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи қўлга олинди

Тошкентда Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи қўлга олинди

У ноқонуний равишда ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 600 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарога ноқонуний равишда ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига ўз хизмат автомашинасида ундан 600 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Сирдарё вилоятидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидан бирининг директори ёшларни касбга ўргатиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан унинг ўқув марказида таҳсил олаётганларнинг дарсларга қатнашиш ҳолатини мониторинг қилмаслик ва МЧЖ фаолияти бўйича текширув ўтказмаслик эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 2 млн. сўм олган.

ДХХ ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 1,4 млн. сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.​​