Бугун, 11 октябрь куни Россия томонидан Запорожьега янги зарбалар берилди. Босқиннинг дастлабки кунларидан бери энг кучли отишма ва президент Владимир Путиннинг қўшимча инфратузилмага зарба бериш таҳдидидан бир кун ўтиб Украина бўйлаб ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.
Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон суҳбатида АҚШ президенти Жо Байден «Украинага ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ёрдамни, жумладан, илғор ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлашда давом этишга» ваъда берди. Зеленский буни «мудофаа соҳасидаги ҳамкорликдаги биринчи рақамли устувор йўналиш», деб атади.
Бугуннинг ўзида G7 етакчилари телеконференция ўтказади. Лидерлар кун тартибида Россиянинг тинч аҳоли объектларига зарба бергани ўрин олади. Путиннинг айтишича, янги ҳужум Россияни Қрим билан боғлайдиган кўп миллиард долларлик кўприкдаги портлашлар учун қасос сифатида қабул қилиниши керак. Қайд этиш жоиз, Украина ушбу ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган тезкор йиғилишда Владимир Путин агар Украина Россия ҳудудида терактлар уюштиришда давом этса, кескин жавоб бўлишини айтиб ўтди. Украинадаги ҳарбий қўмондонлик, энергетика ва алоқа объектларига оммавий ҳаво ҳужуми ортида Москва турганини тасдиқлади.
«Киев режими ўз ҳаракатлари билан ҳақиқатда ўзини халқаро террористик тузилмалар, энг жирканч гуруҳлар билан битта даражага қўйди. Бундай жиноятларни жавобсиз қолдириб бўлмайди. Бугун эрталаб Мудофаа вазирлиги таклифи ва Россия Бош штабининг режасига кўра, Украинанинг энергетика, ҳарбий қўмондонлик ва коммуникация объектларига қарши ҳаво, денгиз ва қуруқликдан юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи йирик қуроллар учирилди. Ҳудудимизда терактлар уюштиришга уринишлар давом этса, Россия томонидан жавоблар кескин бўлади», деб таъкидлади РФ Президенти Владимир Путин.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!