Туркия сайёҳлар учун ҳар жиҳатдан қулай давлат. Маданий объектлар, тоза ҳаво ва яшил табиат, қадимий ва замонавий микс атмосфера – Туркия сизга буларнинг барчасини тақдим эта олади. Demokrat.uz саёҳат учун нега Туркияга бориш керак, деган саволга яна бир жавоб топди. Шунингдек, велосипедда сайр қилиш жон-у дили бўлган инсонлар учун бир нечта маршрутларни сизга тақдим этамиз.
Велосипедда сайр қилишга нима дейсиз?
Мамлакат қадимий шаҳарлари, қишлоқлари ва манзарали боғлари бўйлаб велосипедда сайр қилиш унутилмас ҳиссиёт ва хотиралар беради. Шунингдек, саёҳатингизни янада қулайлаштириш учун миллий ва халқаро эко-ёрлиқли меҳмонхоналар ва ётоқхоналар мавжуд. Келинг, Туркиянинг узоқ масофали велосипед йўлларини кўриб чиқамиз.
EuroVelo 8: Бергамадан Эфесгача бўлган «ЮНEСКО маршрути»
ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Бергама қадимий шаҳридаги ушбу маршрут, Измирнинг Қушлар жаннати, Каршияка, Алсанжак, Сефериҳисар, Сигажик, Урла ва Алачати каби гўзал жойларидан ўтади ва Эфес қадимий шаҳрида тугайди. Ушбу 500 километрлик узоқ масофада сиз кўплаб қишлоқлар ва дам олиш масканларида тўхташингиз, Гедиз дельтасидан ўтаётганда фламинголарни кузатишингиз ва шаҳар марказидан ўтувчи велосипед йўлагидан туриб, Эгей денгизининг ҳайратланарли манзарасидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Эдирнедан Истанбулга «Тракия йўли»
Саёҳатингизни табиат гўзалликлари, мазали таомлар, узумзорлар, ва самимий инсонлари билан эътиборни тортадиган Тракиядан бошлашингиз мумкин. Усмонлилар империясининг иккинчи пойтахти бўлган шаҳар, меҳмонхоналар, ҳаммомлар, кўприклар ва саройлар каби тарихий иншоотлар айнан шу йўлда жойлашган.
Архитектор Синан қурган ва 2011- йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Селимие масжиди шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан биридир. Эдирнедан кейин саёҳатни ям-яшил ўрмон йўллари орқали Киркларелигача давом эттиришингиз мумкин. Мазкур йўналиш сизни Истанбулга олиб боради ва маршрут ниҳоясига етади.
Истанбулдан Кайсерига «Онадўли йўли»
“Дунёнинг чорраҳаси” Истанбулдан Онадўлининг қалби томон саёҳат қилинг. Истанбулнинг Европа томонидан паром сизни Босфорнинг гўзал манзараси билан Онадўлига олиб боради. Истанбулнинг ҳаяжонли силуэти билан хайрлашар экансиз, сизларни Кожаели, Сакария ва Эскишеҳирлар бирин-кетин кутиб олади. Эскишеҳирнинг тарихий Одунпазари тумани турли маданий бойликлари ва музейлари билан диққатни тортади. Туман марказининг ўзига хос анъанавий уйлари, тор кўчалари, масжидлари, чашмалари ва кичик майдонлари 2012 йилда Туркиянинг ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Дунёнинг энг қизиқарли географик минтақаларидан бири бўлган табиий мўъжиза – Кападокия, сизни Невшеҳирда кутиб олади. Бутун минтақа бўйлаб ўзига хос Пери мўриларини кузатишингиз ва бу ғаройиботлардан тўлақонли завқ олиш учун энг мақбул йўл ҳаво шарларидир.
Анталиядан Мерсинга «Ўрта Ер денгизи йўли»
Тарих билан ҳамнафас, ёқимли иқлим шароитига эга, табиий гўзаллиги билан барчани мафтун қилувчи маршрут. Узоқ масофали ушбу йўл Анталиянинг машҳур Калеичи Яхта бандаргоҳидан бошланиб, Памфилиянинг энг асосий порт шаҳри Сидегача давом этади.
Аланьядан 500 километр йўл босиб ўтгач, Ўрта Ер денгизи қирғоғи сизни мовий денгизи ва табиий қумли соҳиллари билан кутиб олади. Соҳил бўйлаб велосипедда саёҳат қилиб, Ўрта Ер денгизининг севимли порт шаҳарларидан бири бўлган Мерсин шаҳрига борасиз.
Шохрух Мажидов – журналист
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!