Hodisa, Jahon

Ҳиндистонда кўприк қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди

Ҳиндистонда кўприк қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди

Чоршанба куни Ҳиндистон шимоли-шарқида, Мизорам штатининг Сайранг шаҳрида қурилаётган темир йўл кўпригининг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди, икки киши жароҳатланган. Давлат темир йўл бошқармаси суриштирув ишларини бошлади.

ОАВнинг хабар беришича, кўприк қулаши вақтида 40 га яқин ишчи воқеа жойида бўлган, бироқ полиция 28 нафар ишчи борлигини айтган. Айни дамда қутқарувчилар 13 нафар жасадни топишга муваффақ бўлди. Қидирув-қутқарув операцияси давом этяпти.

Ҳодиса Бхайрби-Сайранг янги темир йўли қурилиши вақтида содир бўлган. Лойиҳага кўра, янги йўл Мизорамни бутун мамлакат билан боғлайди, сайёҳлар оқимини фаоллаштиради ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга туртки беради.

Бош вазир Нарендра Моди жабрланганларга «ҳар қандай ёрдам» кўрсатилаётганини айтди. Мамлакат темир йўллари ҳар куни миллионлаб йўловчиларни ташийди.

Ҳукумат мамлакат темир йўл тармоғини модернизация қилиш режалари доирасида тезюрар поездларни йўлга қўйди, бироқ танқидчилар у хавфсизлик ва эскирган инфратузилмани янгилашга етарлича эътибор бермаяпти, дейди.

Июнь ойида Ҳиндистонда йигирма йилдан ортиқ вақтдан бери энг катта темир йўл ҳалокатида камида 288 киши ҳалок бўлди. Ўтган йил октябрда ғарбий Гужарат штатида осма кўприк қулаб, 135 киши ҳалок бўлган эди.