Президент Шавкат Мирзиёев раислигида янги ўқув йили арафасида мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилди.
Ўтган қисқа даврда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Илгари тажрибамизда бўлмаган Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.
“Энг муҳими, мактабларимизда янгича руҳ, мазмун ва муҳит пайдо бўлди.
Бунда, ҳеч шубҳасиз, болалар қалбининг меъмори, муҳандиси бўлган ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар учун эркин ишлаш имкониятини яратиб берганимиз муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Чунки ўқитувчига эътибор – бу аввало фарзандларимизга, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор, дегани. Ўқитувчининг обрўси ошса, мактабнинг обрўси ошади, илмнинг, таълим-тарбиянинг қадри кўтарилади.
Шу сабабли, муаллим ва ўқувчилар учун шароитларни яхшилаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз”, – деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!