АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини бекор қилиш тўғрисидаги иши 2024 йил 4 мартдан бошлаб кўриб чиқилади, деб хабар бермоқда ВВC.
Махсус прокурор Жек Смит АҚШнинг 45-президенти устидан суд жараёнини 2024 йил 2 январда, Трампнинг адвокатлари эса суд жараёнини 2026 йил апрелида — сайловдан 17 ой ўтгач бошлашни сўраган.
«Суд муҳокамаси санасини белгилаш айбланувчининг касбий мажбуриятларини ҳисобга олмайди, шунинг учун жаноб Трамп бу санага рози бўлиши керак», – деди судья.
Айблов хулосасида Трампга тўртта модда, жумладан, Қўшма Штатларни алдаш мақсадида фитна уюштириш, адолатга тўсқинлик қилиш ва фуқаролик ҳуқуқларини бузиш каби айбловлар қўйилган.
Сайловларни бузиш Трампга қарши тўртта жиноий айбловдан биридир. Собиқ президент барча айбловларни рад этади.
77 ёшли Трамп келаси йилги президентликка даъвогарлик қилмоқчи ва Республикачилар партиясидан номзодлар орасида асосий давогар ҳисобланади.
Президентликка номзоднинг партиялараро сайлови январь ойида бошланади, шунинг учун суд жараёни праймеризлар авжида бўлиб ўтади.
Келгуси йил 25 мартда Трамп Нью-Йоркда порно актрисаларга пул тўлаганлик учун молиявий фирибгарликда айбланиб, май ойида эса Флоридада махфий ҳужжатлар билан нотўғри муомала қилганликда айбланиб, суд жараёни бўлиб ўтади.
Трамп ва яна 18 киши Жоржиядаги 2020 йилги сайловларга таъсир ўтказишга уринганликда айбланган. Бу жараённинг бошланиш санаси ҳали белгиланмаган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!