Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқиляпти.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳа билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилаётган чоралар, хусусан “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда.
Бунда, жавобгарликни истисно қилувчи ҳолат сифатида тиббий кўрсатма асосида ёки меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан, шунингдек, қонунчиликда рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ҳолати белгиланмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!