Yangiliklar

Организмда йод танқислиги қандай оғир асоратларни келтириб чиқаради?

Организмда йод танқислиги қандай оғир асоратларни келтириб чиқаради?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 665 миллион нафардан ортиқ одам эндемик буқоқ ва бошқа қалқонсимон без касалликларидан азият чекмоқда. Қарийб 1,5 миллиард кишида эса йод танқислиги ривожланиши хавфи мавжуд.

Бундай хасталиклар Ўзбекистонда ҳам ўткир муаммога айланиб бораётгани сир эмас. Чунки Марказий Осиё йод танқислиги касалликлари кенг тарқалган эндемик минтақалар сирасига киради.

Хўш, бу модда нима учун бу қадар муҳим аҳамиятга эга?

— Йод микроэлементини инсон организми ишлаб чиқара олмайди. Шу сабабли уни фақат ташқи муҳит орқали қабул қилиши мумкин.

Бу модда организмда қалқонсимон без гормонларининг нормал синтезланиши учун керак. Агар етарли даражада йод истеъмол қилинмаса, қалқонсимон без функцияси бузилиши кузатилади.

Ушбу муҳим ҳаётий микроэлиментга бўлган кунлик эҳтиёж чақалоқларда 50 микрограмм, 1-6 ёшли болаларда 90 микрограмм, 7-10 ёшли ўғил-қизларда 120 микрограмм, ўсмирлар ва катталарда 150 микрограммни ташкил қилади.

Ҳомиладорлик ва эмизиклилик даврида эса аёлларнинг йодга бўлган кунлик талаби 200-300 микрограммгача ортиб кетади.

Бироқ ҳозир юртимизда деярли барча аҳоли вакиллари рационида мазкур микроэлимент танқислиги кузатилади. Ваҳоланки, бунинг асоратлари ёмон.

Масалан, йод танқислиги ақлий заифликнинг асосий омили. Бу модда етишмаслиги қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради.

Шунингдек, тирноқларнинг табақаланиши, соч тўкилиши, тери қуруқлашуви, уйқучанлик, чарчоқ ҳам организда йод тақчиллиги аломатларидан.

Бу муаммо болаларда эндемик буқоқ, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишдан орқада қолишга сабаб бўлади.

Ана шундан келиб чиққан ҳолда, Президентимизнинг тегишли қарори асосида мамлакатимизда аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари, жумладан, болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш амалиёти йўлга қўйилган.

Ўз навбатида, республикамизда ишлаб чиқарилаётган, сотилаётган ва истеъмол қилинадиган ош тузини истисносиз 100 фоиз йодлаштиришни таъминлаш қатъий назорат қилиб бориляпти.

Севара ФАХРУТДИНОВА,
тиббиёт фанлари номзоди