АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевга икки кунлик ташрифи давомида Украинага қиймати 1 миллиард доллардан ошиқ янги ёрдам пакетини эълон қилиши мумкин, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги Давлат департаментининг юқори мартабали мулозимига таяниб.
Агентлик маълумотларига кўра, Блинкен Киевга ташрифи давомида Украина президенти Владимир Зеленский, ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, бошқа юқори мартабали амалдорлар, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.
Reuters манбасининг қайд этишича, котибнинг ташрифи Вашингтоннинг Киев билан қарши ҳужумни муҳокама қилиш, жанг майдони эҳтиёжлари ва қиш олдидан Украинанинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича кўриладиган чоралар билан танишиш истаги билан боғлиқ.
“Менимча, энг муҳими украиналикларнинг ўзидан ҳақиқий баҳо олиш. Келгуси ҳафталарда улар қандай олдинга силжиш ниятида эканликларини кўришни ва эшитишни истаймиз”, — деди манба.
Украина матбуотининг ёзишича, жаноб Блинкен Киевга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан бугун, 6 сентябрь куни етиб келган. Охирги марта Энтони Блинкен Украинага 2022 йил сентябрида ташриф буюрган эди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!