O‘zbekiston

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти қайта ташкил этилди

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти қайта ташкил этилди

Президент Фармонига кўра, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти (кейинги ўринларда – Институт) этиб қайта ташкил қилинди.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

— соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

— соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг барқарор тиббий маданиятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

— илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг устувор йўналишлари, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

— тиббий статистикани шакллантириш ва юритиш, статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тиббиёт соҳасидаги статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш.

2024 йил 1 январдан Институт ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартларига кўра, тегишли равишда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарув органлари ходимларига тенглаштирилади.