Сешанба куни Греция, Туркия ва Болгарияда кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган сув тошқинлари оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда АР агентлиги.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая Болгария билан чегара яқинидаги Киркларели провинциясида икки киши ҳалок бўлгани ва тўрт киши бедарак йўқолганини маълум қилди.
Йўқолганларни қидириш ва қутқариш ишлари узлуксиз давом этяпти.
Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда кучли ёғингарчилик оқибатида кўчалар ва икки блокдаги уйлар сув остида қолди, камида икки киши ҳалок бўлди. Ўндан ортиқ одам қутқариб олинди.
Қайд этилишича, айрим метро бекатлари ноқулай об-ҳаво туфайли ёпилган.
Грецияда Волос шаҳри, яқин атрофдаги тоғли Пилион вилояти ва Скиатос курорт ороли йўлларида транспорт ҳаракати тўхтатилди. Полиция мамлакатда содир бўлган рекорд даражадаги ёмғирда камида бир киши қурбон бўлганини тасдиқлади. Сувнинг кучли оқимлари йўлидаги ҳамма нарсани бузди.
Хабар қилинишича, беш киши бедарак йўқолган, эҳтимол уларни ҳам сув оқими олиб кетган. Расмийлар фуқароларни зарурат бўлмаса, уйларини тарк этмасликка чақирди.
Пилион тоғ тизмаси ҳудудида тўлиб-тошган дарёлар тўхтаб турган машиналарни денгизга олиб чиққан.
Кўпгина ҳудудларда электр таъминотида узилишлар юз берди. Ҳокимият эҳтиёт чораси сифатида Волос шаҳридаги қариялар уйи аҳолисини эвакуация қилди.
Греция метеорология хизмати сешанба куни кечқурун Пилион тоғли минтақасидаги қишлоқда 75,4 сантиметр (30 дюйм) ёмғир ёғганини айтди, бу камида 2006 йилдан бери қайд этилган энг юқори ёғингарчилик даражаси. Ҳисобот Афина минтақасида ўртача йиллик ёғингарчилик миқдори тахминан 40 сантиметрни (15,75 дюйм) ташкил этишини таъкидлайди.
Кучли ёмғир чоршанба куни тушдан кейин тўхташи кутилмоқда. Жабрланган ҳудудлар аҳолисига уйда қолиш тавсия этилган.
Аввал хабар қилинганидек, ёмғир Грецияда йирик ўрмон ёнғинларига олиб келган жазирама ўрнини эгаллади. Сўнгги бир неча ҳафта ичида ёнғинларда 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Болгария бош вазири Николай Денковнинг айтишича, мамлакат шимолидаги сув тошқини оқибатида икки киши ҳалок бўлган, уч киши бедарак йўқолган.
Тошиб кетган дарёлар йўл ва кўприкларга жиддий зарар етказган. Ҳудудда электр узилиши кузатилди.
Расмийлар сел суви ифлослангани учун аҳолини водопровод сувини ичмасликка чақирди.
Болгария жанубидаги энг кўп жабр кўрган Царево курорт шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!