Surishtiruv, Yangiliklar

Бош прокуратура Фарғонадаги даҳшатли қотиллик тафсилотларини очиқлади

Бош прокуратура Фарғонадаги даҳшатли қотиллик тафсилотларини очиқлади

Фарғона вилояти Қўштепа туманида 64 ёшли қайнота оилавий жанжал туфайли келинининг бошини кесиб ташлагани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, жиноят 1 октябрь куни содир бўлган. Жанжал ҳар иккиси истиқомат қиладиган Ҳумдон маҳалласидаги уйлардан бирида бошланган. Кекса И. Р. келини К. Г.нинг кечки овқатни тайёрлаётганини кўриб, унга таомни мазалироқ тайёрлашини айтади.

Келин бўлса қўлидан келганида овқат қилиши, у қандай чиқишидан қатъи назар ейишларини айтади. Шундан сўнг аёл эшикни қарсиллатиб ёпиши натижасида унинг ойналари синиб кетади.

Тергов маълумотларига кўра, қайнота «келиннинг жаҳлдор муносабати туфайли» ғазаби қўзиб чиқиб, ошхонага киради ва унинг бўйнига қўли билан уриши натижасида аёл ҳушини йўқотади.

Шундан сўнг, эркак уни машинасида Фарғона вилоятининг Оқбилол қишлоғи тепалигига олиб боради. У ерда «хўжалик пичоғи билан ҳушсиз ётган К. Г.нинг бўйнидан кесиб, бошини танасидан ажратади ва шу орқали қасддан қотиллик содир этади», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

«У кесилган бошни полиетилен пакетга солади, жасадни чиқиндихонага ташлайди, бошни эса Олтиариқ тумани Файзобод қишлоғидаги Тожиали обод фермер хўжалиги ҳудудидаги арчалар орасига яшириб қўяди», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан 3 октябрь куни Фарғона вилояти прокуратураси томонидан И. Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.