Бухоро вилояти Жондор туманидаги «Чибирдон ота» зиёратгоҳида дарахтзор йўқ қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда «Кушербаевга мурожаат» Telegram каналида хабар берилди.
Мурожаатга кўра, зиёратгоҳ 2022 йилгача Қоракўл туманига қарашли бўлган, кейин Жондор туманига ўтказилган. Ҳудудда аҳоли кўмаги билан катта дарахтзор барпо қилинган. Шу ердаги тўрт минг туп терак, минг тупдан ортиқ мевали ёш ниҳоллар ковланиб кесиб ташланган.
Бухоро вилоят Экология бошқармаси инспекторлари воқеании жойига чиқиб ўрганди. Ҳолат юзасидан «Чибирдон ота» зиёратгоҳи имом хатиби А.Раҳмонов томонидан ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат инспекцияси Жондор тумани бўлимига мавжуд муаммони бартараф этиш бўйича мурожаат қилингани аниқланди.
Ушбу ташкилотнинг 2022 йил 8 майда ўтказган мониторинг натижаларида эса 2001 йилда «Чибирдон ота» зиёратгоҳи ҳудудида экилган дарахтлар ҳақиқатан ҳам қаровсиз қолгани туфайли қуриганлиги ҳамда қуриган дарахтлар тегишли тартибда рухсат олинмасдан кесилгани аниқланди.
Жондор туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими инспекторларига ушбу ҳудуддаги қарийб 10 гектар майдоннинг турли қисмларида мавжуд бўлган дарахтларни хатловдан ўтказиш, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли тартибда чора кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти ҳарбий прокуратурасидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабар берилганди. 16 сентябрь куни прокуратура органлари томонидан ўтказилган ички текширув жараёнида ҳарбий прокуратура ҳудудидаги умумий овқатланиш биноси атрофида ўрик дарахтининг шохлари ҳамда кам қимматли бўлган 1 туп ўрик ва 6 туп айлант дарахтлари таг қисмидан тегишли рухсатномасиз кесилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан экология инспекторлари иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!