Ўзбекистон мактабларида 2022/23 ўқув йили учун нашр қилинган янгиланган дарсликлар муаллифлари номидан Комил Жалилов президентга мурожаат йўллади. Дарслик тузувчиси бу ҳақда Facebookʼдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, мурожаат Президент виртуал қабулхонаси орқали Шавкат Мирзиёев ва Сардор Умурзаковга йўлланган. Муаллифлар портал ишлаши ва унга келиб тушаётган мурожаатлар жиддий ўрганилишидан умид қилмоқда.
«Биз, сўнгги икки йил давомида Президентнинг бир қатор қарор ва фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Миллий ўқув дастури ва у асосидаги янги авлод дарсликларини яратишга жалб қилинган муаллифларда сўнгги пайтларда дарсликлар атрофида бўлаётган можаролар бир қатор саволларни туғдирмоқда. Бу саволлар қисман «Газета.uz» нашрида эълон қилинган интервьюда ҳам ўртага ташланган. Бу ва жараёнда туғилган бир қатор бошқа саволларга ойдинлик киритишни сўраймиз:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.11.2020.даги 6108-фармони билан Халқ таълими вазирлигига (ХТВ) Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси (ТДИ) билан биргаликда Миллий ўқув дастурини (МЎД) яратиш вазифаси юкланган эди. Мазкур вазифанинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентнинг 06.11.2020.даги 4884-сон қарори билан ХТВ ҳузуридаги Республика таълим марказига (РТМ) бир қатор ваколатлар берилди. Умумтаълим фанлари бўйича МЎД лойиҳалари ишлаб чиқилди, бу ишга маҳаллий ва халқаро экспертлар жалб қилинди. Лойиҳалар РТМ ва ТДИ томонидан умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва ТДИнинг ўзида бир неча марта муҳокама қилиниб, «Узлуксиз миллий ўқув дастурлари мажмуалари»га киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.05.2022даги 134-сон фармони билан ХТВга босқичма-босқич МЎДга тўлиқ ўтилишини таъминлаш, хусусан, МЎД асосида замонавий дарсликлар яратиш вазифаси юкланган эди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган ўқув йилида 1-2 снфлар учун дарсликлар ва ўқув-услубий мажмуалар яратилиб, амалиётга жорий қилинди, бу йил эса 3, 6, 7, 10-синфлар учун янги дарсликлар яратилди.
2022 йил 6 октябрь куни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов томонидан ижтимоий тармоқлар орқали «Президент администрацияси қошидаги ишчи гуруҳ таълим сифатини ошириш, замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш ишларини бошланганини» эълон қилинди. Бу билан боғлиқ саволлар:
- Мазкур ишчи гуруҳ қайси ҳуқуқий-норматив ҳужжат асосида ташкил қилинган, унга қандай ваколат ва вазифалар берилган?
- Президентнинг юқорида қайд этилган МЎДга босқичма-босқич ўтиш ва у асосида дарсликлар яратиш вазфалари белгиланган ҳужжатлари бекор қилиндими? Агар бу ҳужжатлар бекор қилинган бўлса, қандай тадқиқотлар ва хулосалар асосида бундай қарорга келинди, бу тадқиқот ва хулосалар билан танишиш имкони борми? Шунча маблағ ва меҳнатлар эвазига яратилган МЎД ва дарсликлар тақдири нима бўлади?
- Агар Президентнинг юқорида қайд этилган ҳужжатлари бекор қилинмаган бўлса, ишчи гуруҳнинг яна «замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш» бўйича ишлари қай даражада бу ҳужжатларга мос келади?
2. Яна «замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш» жараёнлари қайси манбалар томонидан молиялаштирилади?
3. Президентнинг тегишли ҳужжатлари асосида яратилган МЎД бир неча босқичда муҳокама ва экспертизадан ўтказилган эди. У асосида яратилган дарсликларга ҳам тегишли тақризлар ва хулосалар олинган. Комил Алламжонов эълонида «ҳозирда биринчи синфдан то иккинчи синфгача бўлган барча ўқув маҳсулотлари апробация учун танлаб олинди» дейилган.
Бу «ўқув маҳсулотлари»га қайси дастурлар асос қилиб олинган? Бу дастурлар ҳам МЎД сингари муҳокама ва эксперизадан, шу жумладан, умумхалқ муҳокамасидан ўтганми? «Ўқув маҳсулотлари»нинг ўзи ҳам экспертизадан ўтганми? Бу дастурлар ва «ўқув маҳсулотлари», уларнинг эксперизалари хулосалари билан танишиш имкони борми?
4. Администрацияда таълим масалаларига жавобгар бўлмаган Комил Алламжоновнинг бу ишчи гуруҳдаги ва умуман бу жараёндаги ваколат ва вазифалари нималардан иборат? Бу ваколат ва вазифалар унга ким томонидан ва қайси ҳужжат асосида тақдим этилган?
5. Биздаги маълумотларга кўра, 2019 йилда, Алламжонов АОКА раҳбари бўлган пайтда АОКА қошида ташкил этилган «Ўқитувчи» илмий-методик маркази директори ўринбосари бўлган, ҳозирда «Ягона имтиҳон маркази»га раҳбарлик қилаётган Юлия Рисюкова ТДИ ва ХТВ вакиллари билан бир неча марта учрашиб, «Ўқитувчи» марказида яратилиши бошланган ва марказ ёпилгандан кейин ҳуқуқлари «Гид Ташкент» МЧЖда ўтказилган дарсликлар «замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш» доирасида тажриба-синовдан ўтказилишини маълум қилган.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, «Ягона имтиҳон маркази» Комил Алламжоновга тегишли экани, «Гид Ташкент» МЧЖ ҳам Комил Алламжонов билан боғлиқ экани ҳисобга олинса, «замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш» ҳаракатлари ортида кимнингдир шахсий манфаатлари турмаслиги қандай механизмлар билан кафолатланган?
6. АОКА қошида ташкил этилган «Ўқитувчи» илмий-методик маркази директори ўринбосари бўлган ва ҳозирда «Ягона имтиҳон маркази»га раҳбарлик қилаётган Юлия Рисюкованинг «замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш» жараёнидаги расмий мақоми қандай, ваколат ва вазифалари доираси нималардан иборат?
7. Бизга, ТДИ ва унинг ҳузурида РТМ томонидан яратилган дарсликларни таҳлил қилиш мақсадида тузлган ишчи гуруҳга РТМ томонидан яратилган дарсликларга салбий хулоса беришни талаб қилиб, босимлар бўлаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Юқоридаги саволларда қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, «замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш»дан манфатдор шахсларнинг кучли маъмурий ресурслардан фойдаланган ҳолда, РТМ томонидан яратилган дарсликлар бўйича ишчи гуруҳ хулосаларининг объективлигига таъсир қилмаслиги учун қандай механизмлар жорий қилинган? Умуман, бу жараёнда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш қандай таъминланади?
Таълим миллат келажагини белгилайди. Юқоридаги саволларга аниқ, асосланган жавоблар берилиши сўраймиз», — дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг мактаб дарсликларига оид тегишли топшириғидан сўнг президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков танқидий йиғилиш ўтказиб, барча дарсликларни комплекс текширувдан ўтказиш бўйича катта ишчи гуруҳ тузганди.
Шундан сўнг янги мактаб дарсликлари муаллифлари дарсликларнинг мазмун-моҳияти ва сифати ҳақида «асоссиз хабарлар» тарқалаётгани сабабли президентга мурожаат қилганди. Унда дарсликларни экспертизадан ўтказилишига қарши эмасликлари, бироқ баҳони бизнес манфаатлари бўлганлар бермаслиги кераклигини таъкидлашган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!