Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси зиддият ўз изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан воз кечишга ва мамлакатни тарк этишга чақирди.
Қайд этилишича, Украина шаҳарларига ракета ҳужумларининг кучайиши ортидан Ўзбекистон фуқароларининг Украинага келиш ва ушбу давлатда бўлиш юзасидан қилган мурожаатларига жавобан, элчихона яна бир бор ватандошларни, зиддият ўз изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан чекланишга чақиради.
«Бундан ташқари, фронтдаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда бутун Украина бўйлаб ракета ва артиллерия зарбаларининг давом этиши эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, ватандошларимиздан шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу мамлакатни тарк этишларини сўраймиз», — дейилади элчихона баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Киев мери Виталий Кличко сўнгги кунларда ҳукумат бинолари ва давлат муассасалари жойлашган шаҳар марказига бир неча бор зарба берилганини айтганди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!