Аввал хабар берганимиздек, Айни дақиқаларда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Маълум қилинишича, Маҳаллаларни обод қилиш ва уларга инфратузилма олиб бориш дастурларини ишлаб чиқишда аҳоли кўтарган 12 мингта масалани ҳам ҳал қилишни ўз ичига оладиган янги тизим яратилади.
Энг аввало, 4 979 та маҳалладаги ички йўллар, ичимлик суви ва оқова тизими, электр энергияси ва газ таъминоти, боғча, мактаб ва спорт объектлари, ободонлаштириш, суғориш, кўчаларни ёритиш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга бир ой муддатда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1,7 триллион сўм йўналтириш топширилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилиши таъкидланди.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берди (биринчи ярим йилликда 4 мингта маҳалла қатнашган).
Бу борада, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси фаол бўлди.
Овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Президент “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу боис, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.
200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!