Yangiliklar

Ўзига устама пули белгилаган Янгиер шаҳри ҳокими қарори бекор қилинди

Ўзига устама пули белгилаган Янгиер шаҳри ҳокими қарори бекор қилинди
Фото: Янгиер шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри ҳокими Отабек Носиров ойлик маошига 30 фоизлик устама белгилаш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Кейинчалик ҳужжат «E-qaror» порталидан олиб ташланган.

Мазкур фармойишнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан вилоят ҳокимлиги ва адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида шаҳар ҳокимининг 2022 йил 7 октябрдаги «Устама ҳақ белгилаш тўғрисида»ги фармойиши Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сонли қарори 4-бандида белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланди.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 8 январдаги «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги 457-сонли Қонуннинг 59-моддасига (Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш) асосан бекор қилинди.

Шунингдек, хизмат вазифасига масъулиясизлик билан ёндашиб, қонунбузилишига йўл қўйган масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиши белгиланди.