14 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Congress hall»да «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудудида яратилган имкониятлар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Олимхон Рустамов, вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган афғонистонлик ишбилармонлар, шунингдек, 600 га яқин йирик корхоналар вакиллари, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар иштирок этди.
«Термиз халқаро савдо маркази»да тадбиркорликни ривожлантириш, марказ ҳудудида қўшни афғонистонлик ва хорижий тадбиркорлар учун яратилган имконият ва преференциялар, экспорт-импорт айланмасини ошириш каби масалалар кун тартибидаги асосий ўринни эгаллади.
Вазирлик раҳбарияти «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудудида яратилган имкониятлар, инвеститсявий муҳит, замонавий инфратузилма ечимлари билан таништирди. Хорижий меҳмонлар Марказ бўйлаб 10 кун давомида визасиз саёҳат қилишлари, дўконлар харид қилиш, чакана ва улгуржи савдони амалга ошириш, шунингдек, савдо жойларини 4-5 ойга бепул ижарага олиш имконияти яратилиши таъкидланди. «Термиз халқаро савдо маркази» ўзбек ва афғон халқлари учун катта имкониятлар ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга йўл очадиган эшик экани таъкидланди.
Маълумот учун: 2021 йилда Ўзбекистон-Афғонистон товар айирбошлаш ҳажми 647,0 миллион долларни, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса 520,6 миллион долларни ташкил қилган. Марказнинг тўлиқ қувват билан ишга туширилиши Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1,2 миллиард долларгача оширади. Афғонистон бозорига жўнатилаётган барча маҳсулотларнинг 90 фоизигача марказ орқали ўтиши мумкин бўлади. Шунингдек, Марказ ҳудудида 300 ўринли тиббиёт пункти мавжуд 4 юлдузли имтиёзли меҳмонхона қурилмоқда.
Тақдимот дастури доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўзаро алоқаларни алмашиш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлган B2B учрашувлари ҳам ташкил этилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!