Jahon, Yangiliklar

Бир ўқ билан икки қуён. Исроил Украинага «душмани»дан ўч олиш учун ҳарбий кўмак бермоқчи

Бир ўқ билан икки қуён. Исроил Украинага «душмани»дан ўч олиш учун ҳарбий кўмак бермоқчи

Баъзи исроиллик сиёсатчилар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни бошлаш зарур, деб ҳисобламоқда. Диаспора ишлари вазири Нахман Шай твиттердаги саҳифасида Эрон ўзининг баллистик ракеталарини Россияга топширмоқчи бўлганидан кейин ана шундай қарорга келинганини эълон қилди.

ОАВ Теҳрон аллақачон Москва учун бир неча юз километр масофага учадиган тактик-ракета тизимларини ишлаб чиқаришни бошлаганини хабар қилди. Аммо томонларнинг ҳеч бири буни расман тасдиқламаяпти .

Украина ва Ғарб манбаларига кўра, Россия узоқ вақтдан бери Эрон дронлари, яъни «камикадзе» дронларидан тинч аҳоли, жумладан, Киевга ҳужум қилишда кенг фойдаланмоқда.

Айтиш керакки, Исроил расмий равишда Украинага ҳарбий ёрдам бермаслигини бир неча бор билдирган. Бир муддат аввал яҳудий давлати ҳукумати Германияга Исроил технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган ускуналарни Киевга топширишга рухсат бермаган эди.

Россия бу борадаги Исроил вазирининг баёнотига муносабат билдирган. Хусусан, мамлакат Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведевнинг айтишича, Исроилнинг Украинага қурол-яроғ етказиб берилиши ўйламасдан қилинган қадам бўлиб, икки томонлама муносабатларни бузади.