Европа Иттифоқининг (ЕИ) ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жозеп Боррель БМТ ҳамда Туркияга миннатдорчилик билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Россиянинг Қора денгиз дон ташаббусига қайтиш қарорида БМТ ва Туркиянинг роли учун миннатдор. Озиқ-овқат ҳеч қачон уруш қуроли сифатида ишлатилмаслиги керак. Ғалла экспорти Россия томонидан кучайган глобал озиқ-овқат инқирозини енгиш учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Европа дипломатияси раҳбари Брюссель барча томонларни Қора денгиз дон ташаббуси доирасидаги ишларни қайта бошлашга чақиришини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Россия «дон келишуви» тўхтатилганини эълон қилган эди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Киевни Севастополдаги Россия Қора денгиз флотига қарши Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш учун яратилган гуманитар йўлакдан фойдаланганликда айблаган.
Бир кун аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Украинанинг Қора денгиздаги портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни таъминловчи «ғалла йўлаги» иши қайта бошлаганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, Россия Федерацияси ҳозирда олинган кафолатлар етарли деб ҳисоблайди ва келишувни амалга оширишни давом эттиради.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!