Ижтимоий тармоқда Фарғона шаҳрида мактаб ўқувчиси бўлган қиз ўзини 16 қаватли уйнинг томидан ташламоқчи бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат бўйича Бош Прокуратура матбуот котиби маълумот берди.
Аниқланишича, 14 ёшли қиз Д.К. (мактаб ўқувчиси) ўгай отаси билан ўзаро жанжаллашиб қолиши натижасида Фарғона шаҳрининг Тарона кўчасида жойлашган 16 қаватли уйнинг томига чиқиб олган ҳамда у ердан пастга ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.
Воқеа жойига борган Фарғона шаҳар ИИБ ва ФВВ ходимлари Д.К.ни томдан соғ-омон тушириб олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча 18 ёшли қиз Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги кўприкдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган эди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!