Президент раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Охирги икки йилда жаҳонда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаётгани, ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг жаҳон нархи сўнгги 30 йилдаги, дон маҳсулотлари ва шакар эса сўнгги 10 йилдаги энг юқори даражага кўтарилгани қайд этилди.
Экспорт-импортда логистика, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетгани ҳам озиқ-овқат нархларига ўз таъсирини кўрсатаяпти. Таҳлилларга кўра, бу ҳолат 2023 йилда ҳам, келгуси йилларда ҳам сақланиб қолади.
Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга 200 минг гектар ер ажратилгани, 500 минг гектар қўшимча ерлар оборотга киритилгани ички бозордаги нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
«Лекин, аҳолимиз сони ўсиб бораётгани, жаҳондаги нобарқарор вазият, логистикадаги узилишлар озиқ-овқатни кўпайтириш бўйича олдимизга янада катта вазифаларни қўймоқда», деди давлатимиз раҳбари.
Шу муносабат билан вилоят, туман ҳокимлари озиқ-овқатни кўпайтириш, одамларни банд қилиш бўйича қўшимча имкониятларни излаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда айрим туманлар уларга озиқ-овқат учун 70 минг гектар қўшимча майдон берилганига қарамасдан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлай олмаётгани танқид қилинди.
Ҳокимлар мавжуд озиқ-овқат майдонларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан ҳамда аҳоли дастурхонининг тўкин-сочинлигини ўйлаб, йил охиригача озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича импорт божларидан имтиёз берилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилади.
Озиқ-овқат етиштиришни кўпайтириш учун шу йилнинг ўзида 6,2 триллион сўм янгича механизмлар асосида ажратилади. Жумладан:
- Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавотчиликнинг айланма маблағлари учун 700 миллиард сўм ажратилади;
- аҳолига берилган ерларда кўчат, уруғ, ўғит ва техника етказиб бериш учун жами 500 миллиард сўм берилади.
1 апрелдан 130 миллион доллар маблағ банклар иштирокисиз, тўғридан-тўғри тадбиркорларга ажратилади. Бунда банк устамаси бўлмайди ва тадбиркор бозорга қараганда анча арзон кредит олиш имконига эга бўлади. Ушбу маблағлар маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва харид қилиш, техника сотиб олиш учун 10 йилгача 14 фоиздан ажратилади.
Шу билан бирга, интенсив боғ ва токзорлар, логистика объектлари тайёр қурилиб, тадбиркорларга лизингга берилади. Энди, тадбиркор 20 фоизини олдиндан тўлайди, қолган 80 фоизини 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлайди.
Бунда тадбиркорлар ўз лойиҳаларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг шаффоф электрон платформаси орқали тақдим қилади. Вазирлик лойиҳаларни тўғридан-тўғри ўзи молиялаштиради.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!