Ҳозир ёшларга осон эмас. Ўқишда ҳам, ишга киришда ҳам, униб-ўсишда ҳам катта рақобат юзага келмоқда. Илгари тўртта мол орқасидан юрган ёки далага чиқиб озроқ қимирлаган ёшнинг бир куни ўтарди. Икки хонали боми том, қўлбола уй тикланса, битта сигир билан оила тутиб кетса бўларди. Лекин ҳозирги ёшлар ундай яшашга кўнмайди, тўғри қилади. Шунинг учун ҳамма ўқийман, одам бўламан, деб чопяти. Бу жамиятнинг ютуғи, яхши ўзгаришларнинг ўзига хос натижаси. 6-7 йил аввал битирувчиларнинг 10 фоизи ҳам ўқий олмасди, ҳозир 25 фоиздан ошди, бу рақам муттасил ортиб боради.
Лекин ўқув йили бошида қайта-қайта тилга олинадиган мавзулар бевосита талабалар ҳамда уларнинг турар-жойга эҳтиёжи билан боғлиқ бўлади. Чунки ҳудудлардан пойтахтга келиб ўқийдиган йигит-қизлар учун ётоқхоналар етарли эмас. Ижара нархи қиммат. Нархи “осмон” бўлса ҳам топилса кошки, уй “анқонинг уруғи”. “Уй бозори”да эса талабаларга квартира берилмайди, деган реклама ва эълонларга кўзингиз тушади. Масъуллар бино қуриш учун вақт кераклиги, яқин келажакда режага кўра ётоқхоналар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши билан муаммога барҳам берилишига ишонтиришмоқда. Ҳукумат ҳам қараб тургани йўқ.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган. Табиийки, “менга ижара пулимни тўлашда ёрдам керак”, деган ҳар қандай талабага пул берилавермайди.
Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим бараваридан ошмаслиги ҳам назарда тутилган. Бунда биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар ўрин олади. Олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.
Тўғри, бу яхши ташаббус. Қисман амалга ошса ҳам, қанча инсоннинг кўксига шамол тегади. Аммо бир эҳтиёжмандга ёрдам бериш учун унинг ана ўша кўмакка муҳтожлиги исботини сўраш бироз ортиқчадек, назаримизда. Гап шундаки, юқоридаги ҳукумат қарорининг ижроси учун талабадан бир дунё қоғоз сўралмоқда. Бу талабларни бажариш осон эмас.
Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, талаба мулк эгаси билан ижара шартнома қилганми йўқми, деган саволга ҳар доим ҳам “ҳа” жавобини олиш қийин. Натижада уларнинг ҳуқуқлари ва албатта мажбуриятлари кафолатланмайди. Охирги ҳафталарда эса бунинг салбий томонлари яққол кўриниб қолди. Ижара нархлари ошгани оқибатида кўплаб талабаларга чиқиш эшиклари кўрсатиляпти. Аммо қонунларга кўра инсонлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатда томонлар розилиги ва маълум келишув бўлади. Агар шартнома қонунийлаштириб қўйилса, ҳар бир шахс унинг шартларига амал қилишга мажбур бўлади. Бу ўз-ўзидан ҳеч кимнинг ҳуқуқи поймол бўлмаслигига олиб келади.
Галдаги масала эса ижара шартномасида томонлар мажбуриятлари қай тартибда белгилангани билан боғлиқ.
«Аввало, шартномада ижара берувчининг мажбурияти тўлиқ ва аниқ кўрсатилиши шарт. Бу, айниқса, муддат билан боғлиқ пунктларда белгиланиши лозим. Тўғри, ҳар бир шартнома бир йил муддатга тузилади. Аммо унинг шартлари ижара берувчи томонидан исталган пайтда бузилади. Чунки шартномада олинаётган ижара ҳақи деярли 10 баробар кам қилиб кўрсатилади. Ижарачига қўйиладиган талаблар кўпроқ бўлиб, уй эгаси вақтида пул тўламаганлик важи билан ижарачиларни чиқариб юборади. Шу сабабли ижара шартномасида нарх билан боғлиқ масалалар очиқ ва аниқ кўрсатилган бўлиши керак», дейди ўқитувчи Муҳаммадюсуф Маҳкамов.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ татбиқ этилиши белгиланган. Тасаввур қилинг, шартномада 600-700 минг сўм деб белгиланган, аслида эса 300 доллар (ҳозирга курс билан таҳминан 3 360 000 сўм)дан кам бўлмайди. Қарабсизки, давлат томонидан бериладиган ёрдам ҳам талабага тўлиқ етиб бормайди. Шу сабабли шаффофликни таъминлаш зарур. Токи, ижарачи уни тўлашдан бош тортмасин. Хонадон эгаси эса нархларни исталган пайтда ошириш имконидан маҳрум бўлсин.
“Бугун одамлар орасида меҳр-оқибат кўтарилиб кетгани тўғрисида кўп гапирилади. Аммо шу сўзларни айтаётганларнинг ўзларида ҳам ана шу ҳислатлар борлигига кўп ҳам ишонавермайман. Чунки ҳаёт тезлашди, юриб эмас, нақд югуриб кетяпти. Ҳамма бир-биридан ўзишга, зўрроқ бўлишга интиляпти. Бу яхши, албатта. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор.
Масъулият ва мажбурият тушунчалари йўқолиб боряпти. Бу ишдаги мажбурият эмас. Инсонларнинг сўзидаги, ваъдасидаги, лафзидаги мажбурият унутилган. Менимча, бунинг сабаби иқтисодий таъминотга бориб тақалади. Бири-бирини алдаш, кўпроқ фойда қилиб қолишга уринишлар ижара шартномасини тузишда ҳам намоён бўлади.
Биринчидан, ижара берувчи мулкдор солиқдан қочиш мақсадида шартномада энг минимал миқдордаги суммани кўрсатади. Натижада эса ижарачининг ҳуқуқлари ўз-ўзидан кафолатланмайди. Ваҳоланки, шартномада 700-800 минг ёки бир миллион сўм этиб белгиланган ижара миқдори, аслида 300-400 АҚШ доллари бўлади. Сабаби солиқдаги табақалашув катта сумма учун кўпроқ солиқ тўлаш мажбуриятини келтириб чиқаради. Агар ҳамма учун бирдек солиқ ставкаси белгиланса, ижара берувчи топаётган даромадини яширмайди. Ўз-ўзидан ижарачининг манфаатлари ҳимояланади. Яширин иқтисодиёт нафақат турли бизнес ва тадбиркорлик субъектларида ижара масалаларида ҳам мавжудлигини ҳаммамиз биламиз, буни инкор этишнинг ҳожати йўқ, назаримда”, дея фикр билдирди Туризм ва маданий мерос вазирлиги Юридик бошқармаси бошлиғи Маҳлиё Каримова.
Мақолани тайёрлаш асносида Навоий вилоятида талабаларнинг ижара пуллари тўлаб берилаётгани ҳақидаги хабарга кўзимиз тушди. Унда ёзилишича, рўйхатга олинган доимий яшаш жойи доирасида ариза берувчиларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш амалга оширилмайди. Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлиши шарт. Ариза берувчи талаба тегишли маълумот ёки ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади. Аризалар институтда тузилган махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва маблағ тўланиш ёки тўланмаслиги тўғрисида йиғилиш қарори қабул қилинади. Мазкур тартиб давлат ОТМнинг фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларига нисбатан татбиқ этилади.
Бу талабларни ўқиган одамнинг боши айланиб кетиши мумкин. Энди уларни тайёрлаш керак бўлган талабанинг ҳолатини тасаввур қиляпсизми? Бир пайтлар депутатлар ногиронлиги бўлган шахсга нафақа тайинлашда унда ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатни сўраш ноўрин, ҳатто беъманилик, деб баҳолаган эди. Чунки унинг кўриниши буни айтиб туради. Ижтимоий кўмакка, хусусан, ижара ҳақини тўлолмайдиган талабани аниқлаш ҳам у қадар катта муаммо туғдирмайди. Кўп ҳужжатларга ҳам эҳтиёж йўқ, аслида.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Халқимиз азал-азалдан бир-бирига ҳамдард, меҳрибон ва саховатпешалиги билан ажралиб туришидан фахрланиб келганмиз. Ҳаттоки Иккинчи жаҳон урушида ҳам етти ёт бегона болаларни, турли миллатларга мансуб ўғил-қизларни ўз фарзандидек бағрига босган ҳам шу халқ эди. Уруш ўчоқларидан келтирилган ота-онасиз қолган қора кўзларни олиш учун худди нонга навбат тургандек қаторлашиб вагон атрофини ўраб олганлар ҳам бизнинг аждодларимиз бўлган. Бугун эса ана ўша оқибат, одамийликни кўриш бир орзуга айланиб қолмоқда. Инсонларнинг ташвиши, мушкулидан ҳам “пул қилишга” ошиқадиганлар кўпайиб бормоқда. Масалан, пандемия пайтида 500 сўмлик ниқобларни 5 мингдан сотган ҳам, шу йил бошида оммавий чироқ ўчган пайтда 3 минг сўмлик шамларни 25 мингга кўтариб олган ҳам, бор маҳсулотни омборларда сақлаб, сунъий тақчиллик келтириб чиқараётган ҳам ўзимиз эмасми? Шу кунларда негадир уй эгалари ижрачилар, айниқса, талабаларни чиқариб юбормоқчи экани ҳақидаги хабарлар кўп тарқаляпти. Кимдир уларга каттароқ сумма таклиф қилган чоғи, ҳамиша кўзи кўзига тушиши мумкин бўлган ватандошини уялмай кўчага ҳайдамоқда. Афсуски, улар ҳам бегона эмас, “ўзимизникилар”.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!