Бугун, 30 октябрь куни Исландиянинг Рейкьявик шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича нуфузли “World Fischer Random Chess Championship 2022” мусобақасининг ҳал қилувчи сўнгги икки баҳси ўтказилади.
Эътиборлиси, ушбу баҳсларнинг бири ўзбекистонлик шахматчи иштирокида бўлиб ўтади. Хабарингиз бор, кеча тунда ушбу мусобақанинг ярим финал баҳслари ўтказилган эди. Унда Нодирбек Абдусатторов америкалик Хикару Накамурага қарши дона суриб, омадсизликка учради.
Бугун ўзбек шахматчиси мусобақанинг бронза медали йўлида амалдаги шахмат тожи эгаси Магнус Карлсен билан рақобатлашади. Маълумот учун, ярим финалда имкониятни бой берган ҳар иккала шахматчи ҳам гуруҳ босқичида ўз гуруҳида 1-ўринни қўлга киритган эди.
Муобақа финалида эса, америкалик Хикару Накамура россиялик шахматчи Ян Непомняший билан ҳисоблашади.
Маълумот учун, турнир ғолиби 150 минг АҚШ долларини қўлга киритади. Иккинчи ўрин эгаси 85 минг, 3-ўрин соҳиби 55 минг, 4-ўрин билан кифояланган шахматчи 40 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!