Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионатлар ҳамда турнирлар ташкил этиш киберспорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. Шунингдек, бу йўлда нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, қарорга биноан, 2023 йилдан анъанавий тарзда киберспорт турлари бўйича ҳар йили апрель ойида “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, декабрь ойида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” ва июнда “Ёшлар кубоги” турнирлари ўтказилади.
Қарор билан Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил қилинди. Шу билан бирга, киберспортда “ping” муаммосини босқичма-босқич бартараф қилишни назарда тутувчи Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қарор билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналиши очилгани ҳамда ушбу йўналиш бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгилангани ҳақида хабар берган эдик.
“Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган киберспортчилар 2023/2024 ўқув йилидан мазкур бакалавриат таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилиниб, уларга максимал балл берилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!