Яқинда ижтимоий тармоқларда Ғиждувон тумани ҳокмининг бошқа ҳудудларда Ғиждувон шашлигини сотиш учун туман ҳукимлигидан рухсат олиниши кераклиги, яъни мазкур минтақавий бренднинг патентланиши тўғрисидаги фикрлари кенг тарқалди. Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими мазкур маълумотни изоҳлаб, мамлакатдаги минтақавий брендларнинг патентланишининг ижобий томонларини тушунтирди.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёга очилмоқда, туризм салоҳияти кенгаймоқда ва республикамизнинг ҳар бир ҳудудининг ўзига хос табиати ва анъаналари мавжуд бўлиб, уларни жаҳон миқёсида машхурликка эришишида албатта худудий брендларни ривожлантириш ва уни шу ҳудуд билан боғлиқлигини кўрсатишда интеллектуал мулк объектларнинг бир тури бўлган географик кўрсаткичларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади.
Мамлакатимизда географик кўрсаткичлар 2022 йил 3 мартда қабул қилинган “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.
Ушбу Қонунга кўра товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқлиги эътиборга олинади.
Географик кўрсаткичлар халқаро амалиётда кенг тарқалган бўлиб, хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар иштирок этувчи 1994 йилда имзоланган Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари бўйича битимида (ТРИПС) ҳам ўз аксини топган. 2015 йили қабул қилинган Келиб чиққан жой номи ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева акти эса ушбу муносабатларни тартибга солувчи махсус халқаро шартномалардан бири ҳисобланади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Европа Иттифоқига кирувчи давлатларда 3000 дан ортиқ, Россия Федерациясида 230 дан ортиқ географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номлари рўйхатдан ўтказилган. Бундан ташқари, Испанияда биргина гўшт бўйича 16 та географик кўрсаткич, Грузияда эса вино бўйича 20 га яқин географик кўрсаткичлар рўйхатдан ўтказилган.
Чет элдаги географик кўрсаткичларга мисол қилиб “Switzerland” ёки “Swiss” (соатлар), “Feta” (пишлоқ), “Gorgonzola” (пишлоқ), “Mozarella di Bufala” (пишлоқ), “Gouda Holland” (пишлоқ), “Vodka of Finland” (ароқ), “Irish Whiskey” (виски), “Scotch Whisky” (виски), “Champagne” (вино), “Кубанский картофель”, “Тульский самовар” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 5 та шундай интеллектуал мулк объектлари Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган, шу жумладан “Зомин тандир гўшти”, “Марғилон адраси”, “Марғилон атласи”, “Қўқон пичоқлари” ва “Ғиждувон шашлик”.
Шу ўринда маҳаллий тадбиркорлик субъектлар географик кўрсаткич билан белгиланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни муваффақиятли ривожлантириши мумкин. Сабаби Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида географик кўрсаткичлар сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлган ноёб маҳсулотлар мавжуд. “Чуст пичоғи”, “Бухоро гилами”, “Бахмал олмаси”, “Мирзачўл қовуни”, “Самарқанд нони”, “Қашқадарё тандир гўшти”, “Паркент узуми”, “Қўқон гилоси” ва шу каби товарлар Ўзбекистондан ташқарида ҳам илгаридан машҳур ҳамда истеъмолчилар ушбу товарларнинг сифати ва ном қозонганлиги учун жуда қадрлайди.
Эътибор қаратиш жоизки, географик кўрсаткичлар товар белгиларидан кескин фарқ қилади. Хусусан, товар белгисида истеъмолчилар маҳсулот ишлаб чиқарувчини уларнинг товар белгиси орқали таниб олади ва товар белгиси уни тасарруф этиш учун бир шахсга, баъзида жамоавий келишган ҳолда бир нечта шахсларга тегишли бўлади. Бунда товар белгиси шартнома ёки лицензия шартномаси асосида ўзга шахсларга берилиши мумкин.
Географик кўрсаткичда эса аксинча, у аниқ бир шахсга тегишли бўлмасдан ундан фойдаланиш ҳуқуқи худди шу географик объектда жойлашган (Фуқаролик кодексининг 46-моддасига мувофиқ юридик шахснинг жойлашган ери у давлат рўйхатидан ўтказилган жой) ва худди шундай хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқараётган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахсга ҳам берилиши мумкин. Бунда географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўз ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга йўл қўйилмайди.
Географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиш учун қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига муайян географик объектда жойлашган ва ушбу объектнинг номидан ўзи ишлаб чиқараётган товарни белгилаш учун фойдаланаётган бир неча юридик ёки жисмоний шахс талабнома топширишлари мумкин.
Шунингдек, юридик ва (ёки) жисмоний шахсларнинг манфаатларини ифодаловчи нодавлат нотижорат ташкилотлар (масалан Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва ҳ.к.) ва тегишли географик объект жойлашган ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи томонидан ҳам географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиш учун талабнома беришлари мумкин.
Рўйхатдан ўтган географик кўрсаткичдан фойдаланишни истаган тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Маъмурий регламент) Адлия вазирлигига талабнома топширишлари мумкин. Албатта бунда тадбиркорлик субъекти ушбу географик объектда жойлашган ва тегишли товарни ишлаб чиқараётган бўлиши лозим.
Талабнома Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ва натижаси бўйича географик кўрсаткичдан фойдаланиш бўйича гувоҳнома берилади ҳамда гувоҳноманинг амал қилиш муддати унинг эгаси томонидан берилган аризага кўра ҳар сафар 10 йилга узайтирилиши мумкин.
Гувоҳноманинг эгаси географик кўрсаткичдан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай усулда фойдаланишга хақли. Масалан, ишлаб чиқаришда, сотишда, кўргазмаларда, экспорт қилишда, рекламаларда, тегишли ҳужжатларда қўлланилади. Бунда географик кўрсаткич билан бир қаторда айлана ичига олинган, лотин алифбосидаги «GI» ҳарфлари тарзидаги огоҳлантирувчи тамға қўйилиши мумкин бўлиб, у товарда ёки унинг ўровида қўлланилган белги Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткич эканлигини билдиради.
Географик кўрсаткичдан қонунга хилоф равишда фойдаланилган ёки у билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланилган товарлар, товарларнинг ёрлиқлари, ўровлари контрафакт ҳисобланади ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаради.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, географик кўрсаткичлар ваколатли давлат органлари, шу жумладан адлия органлари томонидан интеллектуал мулк объектининг бошқа турлари (товар белгиси, ихтиро, селекция ютуғи, муаллифлик ҳуқуқи ва б.) билан тенг равишда ҳуқуқий ҳимоя қилинади.
Географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сони кўпайиши минтақавий брендларни ривожлантиришга хизмат қилади ва ишлаб чиқарувчилар географик кўрсаткич билан ҳимояланадиган қўшимча қийматга эга ўз маҳсулотини сотишдан катта фойдага эга бўлади.
Шунингдек, ҳудудларга туристик оқимининг кўпайишига, “гастрономик туризм”ни ривожлантиришга ва умуман, ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!