Россия президенти Владимир Путин Херсон ва Запорожье вилоятларини мустақил ҳудудлар деб тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолагани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайгани муносабати билан расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқ.
Хўш, вазирлик бундай баёнот билан аслида нима демоқчи бўлди? Жамоатчилик фаоллари ушбу ахборотга муносабатини билдирди.
Дастлаб блогер Олимжон Ҳайдаров куннинг иккинчи ярмида аввалроқ «мустақил» бўлган Донеск ва Луганск ҳудудлари, шунингдек, бугун тан олинган Херсон ва Запароже ҳудудлари Россия таркибига қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
«Россиядан яхшилик йўқ, қачондир мана шу ҳаракатларини – ерларга кўз олайтиришини бизга ҳам қилади. Империалистик режалар билан ҳаракат қилаётган Путин Россияни жарга қараб тортиб кетмоқда», — деб ёзади блогер.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида «муҳим» нуқта борлигини «пайқаб қолди».
«Ўзбекистон «ЛХР» ва «ДХР» тузилмалари ҳамда Запороже ва Херсон вилоятларининг Россия томонидан тайинланган ҳарбий маъмуриятлари эълон қилган Россия таркибига қўшилиш тўғрисидаги референдумлари натижаларини тан олмайди», — деб тушунтиради журналист.
Шунингдек, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов вазирлик баёнотидаги икки асосий нуқтага эътибор қаратган.
Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Украина атрофидаги вазият бўйича» баёнот тарқатибди. Баёнотда «референдум» деган сўз ишлатилмаган. Лекин давлатнинг ташқи сиёсатидаги тамойиллар санаб ўтилган, жумладан «суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш» ҳам таъкидланган. Бу билан, Ўзбекистон эҳтиёткорлик билан «Украина ҳудудида ўтказилган референдум деб номланмиш ҳолатни тан олмайди» демоқда.
Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган россиялик қочқинлар борасида эса анча очиқ позиция бидирилган: Россия фуқароларининг Ўзбекистонга кириб келиш ҳуқуқи, миллий қонунчилик ва ҳалқаро ҳуқуқ нормалари билан белгиланган. Агар жиноят қилмаган бўлса, ҳеч ким депорт қилинмайди.
Баёнотнинг позицияси маъқул, лекин оҳанги ўта эҳтиёткор. Назаримда, бемалол «Ўзбекистон, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган «референдум» деб номланмиш жараённи тан олмайди» дейилса ҳам бўларди», — дейилади муносабатда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!