Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти кредит маблағлари билан боғлиқ жиноятларни фош қилди. Бу ҳақида департамент матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «S.O.» фермер хўжалиги раҳбари Ф.Ш. ҳудудий тижорат банки филиалидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб, экспортга йўналтириш учун ажратилган 3 млрд. сўм кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб, талон-торож қилганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Избоскан туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «S.F.» МЧЖ раҳбари Ш.И. ва бошқалар интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкиллаштириш учун ажратилган 2,8 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағини ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Департаментнинг Нуробод туман бўлими томонидан ўтказилган тергов қадар текширувда эса, «M.Q.» хусусий корхонаси раҳбари К.С. корхонага ажратилган 152 500 АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига хориждан олиб келинган йирик шохли қора молларни сотиб юборгани, шунингдек, банк муассасаси масъул шахслари билан тил бириктириб, кредит гаров таъминоти учун қўйилган 2 та автотранспорт воситасини банк хатига асосан нотариал тақиқдан чиқариб сотиб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!