Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг $240 млн долларлик кўчмас мулк салтанатини барпо этиши ҳақида янги тафсилотлар очиқланди. Бу ҳақида «Freedom of Eurasia» ўрганишларига таяниб BBC хабар берди.
Манбага кўра, Гулнора Каримов Лондондан Гонконггача бўлган шаҳарлардаги мулклар учун $240 миллион доллар сарфлаган.
Ташкилот ҳисоботига кўра, у коррупция ва пора орқали қозонилган жамғарма воситасида уйлар ва самолёт сотиб олиш учун Британия компанияларидан фойдаланган.
Британия компаниялари учун ишловчи, Лондон ва Британия Виржиния оролларида жойлашган бухгалтерия фирмалари ушбу битимларга аралашган.
Ушбу ҳисобот Британиянинг ноқонуний мулкларга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларига нисбатан шубҳа пайдо қилади.
Британия расмийлари хорижий жиноятчиларнинг пул ювиш учун Британиядаги мулклардан фойдаланиши олдини олиш учун етарли чора кўрмаётгани учун танқид қилиб келинади.
Каримованинг Британияда осонлик билан мулк сотиб олгани «хавотирли» ҳол, дейилади ҳисоботда.
Компаниялар учун ишлаганлар уларнинг Каримовага алоқадор эканини билгани ҳақида маълумот йўқ. Британияда бундай хизмат кўрсатганлар иши суриштирилмаган ва ҳеч ким жаримага тортилмаган.
Ўша вақтда Гулнора Каримова Ўзбекистонни 1989 йилдан то 2016 йили вафотигача бошқарган президенти Ислом Каримовнинг вориси бўлиши мумкин деб ҳисоблашарди. У «Гогоша» номи билан саҳнада қўшиқ куйлар, ювелир компаниясини бошқарар, мамлакатнинг Испаниядаги элчиси ҳам эди.
Аммо у 2014 йили омма кўзидан ғойиб бўлди. Кейинроқ, ҳали отаси ҳокимият тепасида ўтиргандаёқ у коррупция айбловлари билан ҳибс қилингани маълум бўлди. 2017 йил декабрида эса унга суд ҳукми ўқилди. 2019 йили уй қамоғи шартларини бузгани айблови билан уни қамоққа тиқишган.
Прокурорлар уни Британия, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларида 1 миллиарддан ортиқ активга эгалик қилган жиноий гуруҳ аъзоси бўлганликда айблади. «Каримова иши энг йирик пора ва коррупция ишларидан биридир», дейди «Freedom of Eurasia» ҳисоботи муаллифларидан бири, Оксфорд университети тадқиқотчиси Том Мейн.
Шунга қарамай, Каримова ва унинг шериклари коррупцион дея даъво қилинган фондлар орқали қўлга киритилган мулкларнинг айримларини аллақачон сотишга улгурганди.
«Freedom of Eurasia» тадқиқотчилари кўчмас мулк реестрилари ҳужжатларини ўрганиш орқали у ҳибсга олинишидан олдин шубҳали фондлар орқали турли мамлакатлар – Британия, Швейцария, Франция, Дубай ва Гонконгда камида 14 та мулк сотиб олганини аниқладилар.
14 март куни эълон қилиниши кутилаётган «Who enabled the Uzbek princess?» ҳисоботида Лондон ва унинг атрофидаги 50 миллион фунт қийматдаги 5 та мулкка эътибор қаратилади. Улар орасида Букингэм саройи ғарбида, Белгравиядаги квартиралар, Мэйфейрдаги уй ва Суррейдаги хусусий кўли бўлган 18 миллион фунтлик уй бор.
2013 йилда Каримова ҳибсга олинишидан олдин Белгравиядаги иккита квартира сотилган. 2017 йилда «Serious Fraud Office» Мэйфейрдаги уйни, Суррейдаги уйни ва Белгравиядаги учинчи квартирани музлатиб қўйди.
«Freedom for Asia» ҳисоботида, шунингдек, Каримова ёки унинг шериклари жиноятдан тушган маблағларни кўчмас мулк ва шахсий самолётларга сарфлашига ёрдам бергани айтилаётган Лондон ва Британ Виржиния оролларидаги фирмалар номи ҳам келтирилади.
Каримованинг йигити Рустам Мадумаров ва ҳозирда унинг шериклари экани айтилаётган бошқа шахслар расмий ҳужжатларда Британ Виржиния ороллари, Гибралтар ва Буюк Британияда жойлашган компанияларнинг «бенефициар эгалари» (назорат қилувчи шахс) сифатида қайд этилган. Аммо ҳисоботда айтилишича, улар Каримованинг фақат ишончли вакиллари бўлиб, у фирмалардан юзлаб миллион долларни ювишда фойдаланган.
Каримовага алоқадор бўлгани айтилаётган икки компания Panally Ltd ва Odenton management Ltd га илгари Лондоннинг Нью-Оксфорд кўчасида жойлашган Ш Ландес LLP фирмаси бухгалтерия хизмати кўрсатган.
2010 йил июль ойи охирида Ш Ландес бошқа бир компанияни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилди. Мақсад $40 миллион долларга хусусий самолёт сотиб олиш эди, Мадумаров эса унга бенефициар сифатида кўрсатилган. Ҳисоботда айтилишича, ҳақиқатдан ҳам бу харид ортида Каримова турган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!