Тошкентдаги автобусларнинг бирида аёллар ва эркаклар алоҳида ўтиришлари ҳақида автобус ойнасига эълон ёпиштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, «Тошшаҳартрансхизмат» Акциядорлик жамияти тасарруфидаги «8-Автобус саройи» филиали томонидан хизмат кўрсатилаётган 43-сонли автобус йўналишида юз берган ҳолат ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлган. Ушбу тушунмовчиликни бартараф этиш мақсадида, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Ахборот хизмати ўрганиш олиб борган. Йўналишда кузатилган автобус салонидаги мазкур эълон тезкорлик билан олиб ташланган.
Келтирилишича, Гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат миқёсида ишлаб чиқилган қонунлар ва дастурлар ҳам бунинг яққол исботидир. Жумладан, 2019 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ушбу қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилган. Мазкур асоснинг яна бир ҳуқуқий кафолати бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгиланганлигидир. Демак, гендер тенглигининг ҳам халқаро ҳуқуқий ҳам, конституциявий ҳуқуқий асоси кафолатланган.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сизларга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва унинг тизим корхоналари ўз фаолиятини – Мустақил давлатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, давлатимиз қонунлари ва бош қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан иш юритиб олиб бораётганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!