Туркманистон Москвадан газ иттифоқи бўйича тушунтириш талаб қилди. Қозоғистон эса Россиянинг ташаббуси – уч томонлама газ иттифоқи бўйича таклиф олмаганини билдирди.
Туркманистон Россиянинг бу қадамидан хавотирда эканини очиқчасига билдирди. Расмий Ашхободнинг баёнотида келишича, Туркманистон Россияни Марказий Осиёдан Хитойга табиий газ етказиб бериш занжирида таъсири ортиб кетишидан хавотирда. Албатта, бу қўрқиш ўринли. Чунки энергетика ва энергия манбалари билан таъминлаш ҳаёт –мамот масаласи дегани. Одамлар ҳаёти учун бирламчи манбалар доим давлат назоратида бўлиши керак. Бошқа биров қўшилдими, бир қозонда икки бош қайнамайди деган гап ҳақиқатга айланаверади.
Хўш, Туркманистонга нима? Бу давлат тузилажак иттифоқда йўқку, Ашхобод бу гапни қаердан олди, деяётгандирсиз? Туркманистон томонининг баёнотига россиялик дипломатнинг гаплари сабаб бўлган.
Гап Россия ТИВ иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский ҳақида кетяпти. У “Риа Новости” га берган интервюсида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари, бу иттифоққа бошқа давлатлар ҳам қўшилишини маълум қилган. Бу эса табиийки Туркманистоннинг қўрқувларига сабаб бўлган.
Ташқи ишлар вазирлиги расмийси шунингдек, давлатларнинг ўзи буга қизиқиш билдираётганини айтган. Аммо, унинг гаплари ёлғон бўлиб чиқди. Чунки кечагина Қозоғистон томони айнан газ иттифоқи доирасида Остона бирор таклиф олмаганини маълум қилди.
На Россия, на Ўзбекистондан газ иттифоқи бўйича расмий таклиф бўлмаган. Мазкур давлатлар билан газ соҳасида ҳамкорлик икки томонлама форматда амалга оширилмоқда, дейилади Қозоғистон Энергетика вазирлиги баёнотида.
Аслида бу гап қаердан чиққан эди?
Ташаббус шахсан Президент Путинга тегишли. У 2022 йининг ноябрь ойида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали газ ташиш мақсадида иттифоқ тузишни таклиф қилганди.
Орадан 2 ой ўтиб эса, аниқроғи шу йилнинг январида даставвал Қозоғистон, сўнгра Ўзбекистон билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланган эди.
16 июнга келиб эса Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома, Республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича йўл харитаси имзоланган.
Шартнома доирасида эса жорий йилнинг 1 октабрь санасидан кунига 900 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланади.
Лекин масаланинг иккинчи томони яна очиқ қолмоқда. Газ борасида иттифоқсиз ҳамкорлик қилиш мумкин эмасми? Ёки бўлмаса икки томонлама алоқалар доирасида келишув имзолаш имконсизми. Бундан ташқари, Туркманистон , Ўзбекистон ва Қозоғистон бугун шундоқ ҳам Хитойга газ етказиб беришда ҳамкорлик қилади. Демак, расмий Ашхободнинг огоҳлантириши, баъзи давлатлар бу иттифоққа қўшилади деганда қайси давлат ҳақида гап кетаётганини билишни исташи табиий ва тўғридир.
Шохрух МАЖИДОВ – журналист
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!